Tabiat

Бошланғич синфларда “Табииёт” ўқув фанидан  компетентлилик ёндашувига асосланган Давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларини тажриба-синовдан ўтказиш бўйича

 

ЙЎРИҚНОМА

 

Бошланғич синфларда ўқувчиларни ўзларини ўраб турган олам, теварак-атрофдаги табиат билан таништириш, уларда олам тузилиши ва табиат ҳодисалари ҳақида тасаввур ҳосил қилиш, илмий дунёқараш куртакларини шакллантириш, ўлкамизнинг гўзал табиати билан таништириш орқали она Ватанимизга  муҳаббат руҳида тарбиялаш, табиатдан оқилона фойдаланишни ўргатиш “Табииёт” ўқув фани орқали амалга оширилади.

Бошланғич таълимда “Табииёт” (“Атрофимиздаги олам” ва “Табиатшунослик”) ўқув фанини ўрганиш қуйидаги мақсадларга эришишга йўналтирилган:

  • таълимий: атрофимиздаги олам, табиат, табиий ва ижтимоий борлиқнинг бирлиги ва фарқи, одам ва унинг табиатда ва жамиятдаги ўрни ҳақидаги билимларни эгаллаш;
  • тарбиявий: атрофимиздаги оламга нисбатан ижобий туйғуларни шакллантириш, табиатни қадрлаш, муҳофаза қилиш, ўлка табиатига муҳаббат ҳиссини уйғотиш, дала ва боғ ишларидаги катталар меҳнатини эъзозлаш, назарий олган билимларини амалда қўллаш малакасини шакллантириш, табиат ва жамиятда фаол бўлиш эҳтиёжини тарбиялаш;
  • ривожлантирувчи: атрофимиздаги оламни, табиатни кузатиш, таҳлил қилиш, умумлаштириш, табиатга оид муаммолар ҳақида ижодий фикрлаш, уларни ҳал этишда амалга оширилaётган ишлардан хабардор бўлиш .

Бошқа ўқув фанлари қатори 2013–2014 ўқув йилида Табииёт” ўқув фанидан  компетентлилик ёндашувга асосланган Давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари тажриба-синовдан ўтказилади.

Давлат таълим стандартларида “Табииёт” ўқув фанидан мажбурий минимал таълим мазмуни ва бошланғич таълим битирувчиларининг тайёргарлик даражасига қўйиладиган мажбурий минимал талаблар белгилаб берилган.

Компетенциявий ёндашувга асосланган таълим – ўқувчиларда эгалланган билим, кўникма ва малакаларини ўз шахсий, касбий ва ижтимоий фаолиятларида амалий қўллай олиш компетенцияларини шакллантиришга йўналтирилган таълимдир.

Компетенциявий ёндашувга асосланган таълим ўқувчиларда мустақиллик, фаол фуқаролик позициясига эга бўлиш, ташаббускорлик, медиаресурслар ва ахборот-коммуникация технологияларидан ўз фаолиятида оқилона фойдалана олиш,  онгли равишда касб-ҳунар танлаш, соғлом рақобат  ҳамда умуммаданий кўникмаларини  шакллантиради. Инсон ўз ҳаётида шахсий, ижтимоий, иқтисодий ва касбий муносабатларга киришиши, жамиятда ўз ўрнини эгаллаши, дуч келадиган муаммоларнинг ечимини ҳал этиши, энг муҳими ўз соҳаси, касби бўйича рақобатбардош бўлиши  учун зарур бўлган таянч компетенцияларга эга бўлиши лозим. Бундан ташқари, таълимда ҳар бир ўқув фанини ўзлаштириш жараёнида ўқувчиларда шу фаннинг ўзига хослиги, мазмунидан келиб чиққан ҳолда соҳага тегишли хусусий компетенциялар ҳам шакллантирилади.

Ўзбекистон Республикасида таълимнинг узлуксизлиги, баркамол шахсни тарбиялашга йўналтирилганлигидан келиб чиққан ҳолда умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар талимида (9+3) ўқитиладиган умутаълим фанлари мазмунининг изчиллигини таъминлаш мақсадида таянч компетенциялар ҳамда ҳар бир ўқув фани мазмунидан келиб чиққан ҳолда хусусий  компетенциялар  белгиланди

 

 

Таянч компетенциялар:

  1. Коммуникатив компетенция

— жамиятда ўзаро мулоқотга киришиш учун она тили ва бирорта хорижий тилни мукаммал ўзлаштириш ҳамда мулоқотда самарали фойдалана олиш;

— ўз фикрини оғзаки ва ёзма тарзда аниқ ва тушунарли баён қила олиш, мавзудан келиб чиқиб, саволларни мантиқан тўғри қўя олиш ва жавоб бериш;

— ижтимоий фаол, ўзаро мулоқотда муомала маданиятига амал қилиш, жамоавий ҳамкорликда ишлай олиш;

— мулоқотда суҳбатдош фикрини ҳурмат қилган ҳолда ўз позициясини   ҳимоя қила билиш, уни  ишонтира билиш;

— турли зиддиятли вазиятларда ўз эҳтиросларини бошқариш, муаммо ва келишмовчиликларни ҳал этишда зарур (конструктив) бўлган қарорларни қабул қила олиш;

  1. Ахборот билан ишлаш компетенцияси

— мавжуд ахборот манбаларидан (интернет, телевизор, радио (аудио-видео ёзув), телефон, компьютер, электрон почта ва бошқ.)  фойдалана олиш;

— медиа воситалардан зарур бўлган ахборотларни излаб топа олиш, саралаш, қайта ишлаш, узатиш, сақлаш, хавфсизлигини таъминлаш ва фойдаланишда медиа-маданиятга риоя қилиш;

— маълумотлар базасини ярата олиш, асосийларини танлай олиш ва уларни таҳлил қила билиш;

-кундалик фаолиятда учрайдиган ҳужжатлар билан ишлай олиш (оддий табрикномалар ёза олиш, анкеталарни тўлдириш, меҳмонхона рўйхатида ўзи тўғрисидаги маълумотларни қайд эта олиши ва бошқ.)

  1. Шахс сифатида ўз-ўзини ривожлантириш компетенцияси

— шахс сифатида доимий равишда ўз-ўзини ривожлантириш, жисмоний, маънавий, руҳий ва интеллектуал камолотга интилиш;

— ҳаёт давомида ўқиб-ўрганиш, билим, тажрибани мустақил равишда мунтазам ошириб бориш;

— ўз ҳатти-ҳаракатини адекват баҳолаш, ўзини назорат қила билиш,  ҳалоллик, тўғрилик каби сифатларга эга бўлиш;

— ўқиб-ўрганганлари ва ҳаёт тажрибасидан фойдаланган ҳолда кундалик турмушда учрайдиган муаммоларни ҳал эта олиш.

 

  1. Ижтимоий фаол фуқаролик компетенцияси

— Жамиятда бўлаётган воқеа, ҳодиса ва жараёнларга дахлдорликни ҳис этиш ва фаол иштирок этиш;

— ўзининг фуқаролик бурч ва ҳуқуқларини билиши, унга риоя қилиш (яъни харидор, сайловчи, мижоз, ишлаб чиқарувчи сифатида фаолият юрита олиш);

— меҳнат ва фуқаролик муносабатларида муомала, иқтисодий, ҳуқуқий маданиятга эга бўлиш;

— касбий мавқеининг ўсишига интилиш билан жамият ва оиласи манфаатлари учун хизмат қилиш, ёрдамга муҳтожларга саҳоватли бўлиш.

 

  1. Умуммаданий компетенциялар

— Ватанга садоқатли, инсонларга меҳр-оқибатли ҳамда умуминсоний ва миллий  қадриятларга эътиқодли бўлиш;

—   бадиий ва санъат асарларини тушуниш, таъсирлана олиш;

— ораста кийиниш, юриш-туришда маданий меъёрларга ва соғлом турмуш тарзига амал қилиш,

— умумбашарий аҳамиятга эга бўлган қадриятларни (урф одатлар, маросимлар, миллий-маданий анъаналар ва.ҳ.к.) билиш, унга ҳурмат билан муносабатда бўлиш;

— ўзгаларга нисбатан меҳр-мурувват, сахийлик, ўзгаларнинг дунёқараши, диний эътиқоди, миллий ва этник ҳусусиятлари, анъана ва маросимларини ҳурмат қилиш;

— халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асраш, жамиятда ўрнатилган одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш.

  1. Математик саводхонлик, фан ва техника янгиликларидан хабардор бўлиш ҳамда фойдаланиш компетенцияси

— аниқ ҳисоб-китобларга асосланган ҳолда шахсий, оилавий, касбий ва иқтисодий режаларини туза олиш;

— шахсий, ижтимоий ва иқтисодий муносабатларда ҳисоб-китоб билан иш юритиш;

— кундалик фаолиятда турли формула, модел, чизма, график ва диаграммаларни ўқий олиш ва фойдаланиш;

— инсон меҳнатини енгиллаштирадиган, меҳнат унумдорлигини оширадиган ва қулай шарт-шароитга олиб келадиган фан ва техника янгиликларидан хабардор бўлиш ҳамда фойдалана олиш.

Табииёт ўқув фани буйича фанга хос компетенциялар

  1. Табиатдаги жараён ва ҳодисаларни кузатиш ва аниқлаш компетенцияси – теварак-атрофдаги олам, мактаб хоналари, маҳаллада нималар борлигини (боғча, мактаб, дўкон, алоқа бўлими ва б.) жонли ва жонсиз табиат, жисм ва моддалар, чақмоқ чақиши, қушларнинг сайраши, Ой ва Қуёшнинг чиқиши, ботиши, ўсимликлар ва ҳайвонларнинг ҳаёти,  кишиларнинг баҳор, ёз ва куздаги меҳнати, қишлоқ табиати, боғда етиштириладиган мевалар, Қуёш, лампочка, оловлардан ёруғлик ва иссиқликнинг тарқалиши, шамолнинг эсиши, булутларнинг ҳаракати, ёнғинлар ёғиши, сувнинг исиши, табиатда сувнинг айлиниши каби ҳолатларини кузатиш. Сезги органларининг вазифаларини, сувнинг уч ҳолатини аниқлаш, фойдали қазилмалар ва уларнинг турларини, кун ва туннинг, йил фаслларининг даврий алмашишини ва уларнинг бир-биридан фарқларини, юлдузларни, Қуёш системасидаги сайёралар (комета, метеор ва метеоритлар) ни, Ой ва унинг кўриниш ҳолатларини кузатиш ва аниқлаш.

Жумладан: 1-синф “Атрофимиздаги олам” дарслигидаги “Бизнинг мактаб”, “Бизнинг маҳалла”,Ўсимликлар кузги ҳаёти,”, “Кишиларнинг куздаги меҳнати” ва ҳ.к. мавзулар;

2-синф “Атрофимиздаги олам” дарслигида келтирилган “Табиатдаги жисм ва моддалар”, “Йил фасллари”, “Ўлкамизда учрайдиган қушлар”, “Ўлкамизда қиш” ва ҳ.к. мавзулар;

3-синф “Табиатшунослик” “Табиатда ҳаво”, “Сувнинг хусусиятлари”, “Қора ва рангли металлар”, “Тупроқ таркиби”, “Табиат ва инсон” мавзулари;

4-синф “Табиатшунослик” дарслигида қуйидаги мавзуларни мисол тариқасида келтириш мумкин. “Юлдузлар”, ”Сайёрралар”, “Йил фаслларининг алмашиниши”, “Инсоннинг табиатга таъсири” каби мавзулар орқали ушбу компетенцияни шакллантириш мумкин. Масалан: 2-синф “Табиатдаги жисм ва моддалар” мавзусини тушунтириш жараёнида барча нарсалар жисм (музлатгич, диван, челак…) ва моддалар (мис, олтин, туз, сув…) дан иборат эканлигини, баъзи бир жисмлар табиий бўлишини, баъзи жисмларни одамлар ясашини айтиб ўтилади. Шу дамда моддалардан намуналар тарзида ўқувчиларга сув, темир, кўмир, тупроқ ва бошқаларни кўрсатиш мумкин. Улар ушбу нарсаларни кузатадилар. Моддалардан ҳар хил шаклдаги жисмлар – ғилдирак, кетмон, машиналар ясалишини, бунда ғилдирак, кетмон, машиналар – жисмларга айланганини аниқлайдилар. Шу тариқа дарс жараёнида ўқувчиларда хусусий компетенциялардан табиатдаги жараён ва ҳодисаларни кузатиш ҳамда аниқлаш, амалиётда қўллай олиш компетенциялари ва таянч компетенциялардан  умуммаданий, ахборот билан ишлаш компетенциялари шакллантирилади.

 

  1. Тажриба ўтказа олиш, глобус ва харитадан кўрсата олиш компетенцияси – термометр ёрдамида ҳаво ва сувнинг ҳароратини, тарози ёрдамида жисмларнинг массасини, секундомер ёки соат ёрдамида вақтни ўлчаш, Қуёшнинг кўринма ҳарактига қараб, компас ёрдамида уфқнинг асосий томонларини аниқлаш. Ҳаво бўшлиқ эмаслигига оид, шамол ҳавонинг ҳаракати эканлигига оид, ёмғир томчилари ҳосил бўлишига оид, кун ва туннинг, йил фаслларининг алмашинишига оид тажрибаларни ўтказиш. Гобусдан Ернинг айланиш ўқи, қутблари ва экваторини, сув ва қуруқликларни, яримшарлар табиий харитасидан материк ва океанларни, йирик денгиз, дарё, текислик ва тоғликларни, Ўзбекистон Республикасининг табиий харитасидан ўлкамиздаги йирик дарё, кўл, текислик ва тоғларни, қўриқхоналарни, Ўзбекистон Республикасининг маъмурий харитасидан мамлакатимиз чегаралари, қайси давлатлар билан чегарадош эканлиги, мамлакатимиз пойтахти, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудларини кўрсатиш.

Жумладан: 2-синф “Об-ҳаво”, “Амалий иш”, “Гербарий тайёрлаш” каби мавзуларда тажриба ўтказиш;

3-синф “Табаитшунослик” дарсларида “Табиатда ҳаво”, “Сувнинг хусусиятлари”, “Тупроқ”каби мавзуларни тушунтириш давомида таянч компетенциялардан коммуникатив, ахборот билан ишлаш, шахс сифатида ўз-ўзини ривожлантириш каби қатор компетенциялар, фаннинг ўзига хос компетенциялардан эса тажриба ўтказа олиш, глобус ва харитадан кўрсата олиш, табиатни асраш ва муҳофаза қилиш компетенциялари шакллантириб борилади. Бундан ташқари она тили фанинг нутқий компетенция ва ўқиш фанининг хусусий компетенцияларидан тинглаб тушуниш каби компетенциялари шакллантириб борилади. Шу билан бирга ўқувчиларни лоборантлик, эколог каби касбларга қизиқишларини ошириш ҳамда ушбу касбларга йўналтириш мумкин.

 

  1. Табиатни асраш ва муҳофаза қилиш компетенцияси – дарахт ва буталарни пайхон қилмаслик, гулзор, боғ ва хона ўсимликларини парваришлаш, ҳайвонлар, парранда ва қушлар, сувни тежаш, хазонрезгилик даврида баргларни ёқмаслик ва табиатимизни зарарли моддалар билан зарарланишидан асраш; сувни тежаш ва турли чиқиндилардан ифлосланишидан, табиатни турли зарарли моддалардан, ҳашаротлардан ва ҳар хил чиқиндилардан муҳофаза қилиш, йўқолиб бораётган ҳайвон ва ўсимликлар (“Қизил китоб”га киритилган ва “Қориқхана”ларда сақланаётган ҳайвон ва ўсимликлар) ни асраб-авайлаш ва муҳофаза қилиш.

Жумладан: 2-синф “Атрофимиздаги олам” дарслигида “Ўсимликлар олами”, “Гулзор”, “Хона ўсимликлари”, “Қушлар”, “Сув – обҳаёт”, “Қушлар – бизнинг дўстимиз”, “Биз ва табиат” каби мавзулар;

3-синф “Табиатшунослик” “Фойдали қазилмалардан оқилона фойдаланиш”, “Табиий ўсимликлар”, “Маданий ўсимликлар”, “Манзарали ўсимликлар”, “Доривор ўсимликлар” ва ҳ.к. мавзуларни мисол қилиб олиш мумкин.

4-синф “Табиатшунослик” дарсларида “Сув омборлари”, “Сувни муҳофаза қилиш”, “Шамолнинг ҳосил бўлиши”,  “Ўрмонлар”, “Ер ости бойликлари”, “Қўриқхоналар”, “Ўлкамиз табиатини асранг” каби мавзулар;

Масалан: 4-синф “Табиатшунослик” дарсидаги “Қўриқхоналар” мавзусини тушунтириш жараёнида йўқолиб бораётган ҳайвон ва ўсимликлар турларини муҳофаза қилиш ва кўпайтириш мақсадида қўриқхоналар ташкил этилган. Ушбу масканда ҳайвон ва ўсимликлар назоратга олинади. Ноёб ҳайвон ва ўсимликларнинг турлари кўпайтирилиб, табиатни асл ҳолида сақлашга ҳаракат қилинади. Қўриқхоналарда ерости бойликлари, дарёлар ва бошқа табиат бойликлари муҳофаза қилинади. Шу тариқа дарс ўтиш жараёнида ўқувчиларда табиатни асраш ва муҳофаза қилиш  ва таянч компетенциялардан коммуникатив, умуммаданий, ахборот билан ишлаш каби  компетенциялари шакллантириб борилади.  Одобнома фанига хос ижтимоий фаоллик (мавжуд билимларини амалиётда қўллай олиш) компетенциялари, она тили фанинг нутқий компетенциялари ҳам шакллантириб борилади. Шу билан бирга ўқувчиларни экологлик касбига йўалтириш мумкин.

  1. Эгаллаган билимлари амалиётда қўллай олиш компетенцияси – Кўчада юриш (кийиниш одоби, муомала одоби, ўзини тута билиш ва ҳ.к.) ҳамда хавфсизлик (лампочкани, радиони, видеомагнитофонни, телевизорни ва барча электр жиҳожларидан тўғри фойдаланиш) қоидаларига риоя қилиш ва улардан фойдалана олиш, термометрдан фойдаланиш, шамолни, об-ҳавони кундалик кузатиш, сувдан унумли фойдаланишни, чой қайнатишни, уфқ томонларини аниқлаш, глобус ва харита билан ишлаш, ўлкамиз табиати, табиатни муҳофаза қилиш ва хона ўсимликларини парвариш қилишда амалий фаолият кўрсата олиш.

Жумладан: 1-синф дарслигидаги “Кўчада юриш қоидалари”, “Шаҳсий гигиена”, “Биз фойдаланадиган жиҳозлар”, “Электр жиҳозлари”, “Компьютер”,”Яшил дорихона” мавзулари;

2-синф “Атрофимиздаги олам” дарсларида “Табиатдаги жисм ва моддалар”, “Об-ҳаво”, “Ижтимоий фойдали меҳнат”, “Сув- ҳаёт манбаи”, “Вақт ўлчов бирлиги”, “Гигиена — озодалик”, “Тиш гигиенаси”, “Қандай овқатланиш керак?” ва ҳ.к.мавзулар;

3-синф “Табиатшунослик” дарсларида “Табиатда сув ва ҳаво” бўлими, “Ёқилғи сифатида фойдаланиладиган қазилмалар”, “Фойдали қазилмалардан оқилона фойдаланиш”, “Доривор ўсимликлар” каби мавзулар шу жумласидандир.

4-синф “Табиатшунослик” дарсларида ўқувчилар “Шамолнинг ҳосил бўлиши”, “Ўзбекистон Республикаси табиий харитаси”, “Сув омборлари”, “Сувни муҳофаза қилиш”, “Ўлкамиз табиатини асранг” каби мавзулар орқали амалиётда қўллай олиш компетенцияси шакллантирилади.

Масалан: 2-синф “Атрофимиздаги олам” дарслигидаги “Гигиена – озодалик” мавзусини ёритиш давомида, яъни  уйқудан тургач, албатта, юз-қўлингизни ювилиши, овқатланишдан олдин ҳам қўлларни совун билан ювиш зарурлиги, бунга сабаб ерда ва ҳар хил буюмларда кўзга кўринмайдиган бактериялар жуда кўп бўлиши ва ҳ.к. маълумотларни берилади бу маълумотлардан амалий ҳаётларида фойдаланишларини шу билан бирга эгаллаган билимлари амалиётда қўллай олиш компетенцияси ва таянч компетенциялардан умуммаданий, математика саводхонлик каби компетенциялари хам   шакллантирилади. Шу билан бирга одобнома фанига хос бўлган танқидий тафаккур қилиш (ўз устида ишлаш, ўқиш, ўрганиш, излаш, анализ ва синтез қилиш, хулоса чиқариш) компетенцияси ва она тили фанинг нутқий компетенциялари ҳам шакллантирилади. Шифокорлик, ҳамширалик каби касбларга йўналтириш мумкин.

 

Бошланғич таълим битирувчиларининг тайёргарлик даражасига қўйиладиган мажбурий минимал талаблар 1–4-синфлар давомида ўқувчиларнинг “Атрофимиздаги олам” ва “Табиатшунослик” ўқув фанларидан эгаллашлари шарт бўлган минимал талаблар мажмуасини ифодалайди. Битирувчилар учун белгиланган талаблар бажарилиши учун бу талаблар синфма-синф бажариб борилиши керак. Ҳар синфда бажарилиши учун эса тегишли талабларнинг ҳар бир дарсда бажариб борилишига эътибор берилиши лозим.

Битирувчиларнинг тайёргарлик даражасига қўйиладиган мажбурий минимал талаблар компетентлилик ёндашувига асосланган ҳолда белгиланган.

Таълим жараёнида ҳар бир мавзу бўйича ўқувчилар анъанавий бўлган билим, кўникма ва малакага эга бўлишларига эътибор берилади. Бунда ўқувчилар олган билимлари асосида мантиқий фикрлай олишлари, билимларини олдинги мавзуни  кейинги мавзу билан боғлай олишлари, таянч кўникмага эга бўлишлари, глобус ва харитадан кўрсатиш кўникмасини эгаллашлари, ўлчаш ва тажрибалар ўтказиш малакасига эга бўлишлари, олган билим, кўникма ва малакаларини ҳаётда қўллай олишларига эътибор қаратилади.

Дарсларни ташкил этишда ҳам компетентлилик ёндашувга асосланилади. 45 минутлик дарсда ўқитувчи уй вазифаларини текшириши, ўтилган мавзуни сўраши, ўтилган мавзу бўйича глобус ва харита билан ишлаш, ўлчаш ва тажриба ишларини бажариш, янги мавзуни баён этиш, янги мавзуни мустаҳкамлаш, уйга вазифа бериш ишлари ўтказилиши керак. Айрим ўқитувчилар аввал уй вазифаларни текшириб чиқадилар, кейин ўтилган мавзу бўйича 3–4 нафар ўқувчидан сўрайди, сўнгра бир нечта ўқувчига ўлчаш ёки тажриба ўтказиш ишини топширади, шундан кейин янги мавзуни ўтади. Янги мавзуни мустаҳкамлашга улгурмасдан қўнғироқ чалиниб қолади. Уй вазифасини эса қўнғироқ чалингандан кейин беради.

Компетентлилик ёндашувга асосланиб дарс берадиган ўқитувчи ўтилган мавзу бўйича тайёргарлик даражасининг текширилишига барча ўқувчиларни жалб қилади. Бунда ўқитувчи ўтилган мавзу бўйича қисқа савол-жавоб, тест синови, диктант, карточкалар билан ишлаш, турли интерфаол методлардан фойдаланади. Бир нечта ўқувчига ўлчаш, тажриба ишлари ва бошқа топшириқлар берилиб, парта оралаб уй вазифаларини текширади. Тажрибали ўқитувчи янги мавзуни ўтишга ҳам, уни мустаҳкамлашга ҳам, уй вазифасини беришга ҳам улгуради.

Компетентлилик ёндашувга асосланган таълимда ҳар бир мавзу бўйича таянч билим, кўнимка ва малакаларни барча ўқувчилар эгаллайдилар. Ўқувчида компетенлилик шакллана бориши учун у ҳар бир мавзу бўйича энг камида таянч билим, кўнимка ва малакаларни эгаллаб боришлари лозим.

Тажриба-синов ўтказаётган ўқитувчи  мазкур фандан компетентлилик ёндашувга асосланган ДТС ва ўқув дастурини синчиклаб ўрганиб чиқиши керак. Бунда  тажриба-синов жараёнида ДТС бўйича ўқув фанидан  узлуксиз мажбурий таълим тизимини бошланғич таълимни битирувчиларига қўйиладиган мажбурий минимал талабларнинг бажарилишига эришиш билан биргаликда унда келтирилган компетенцияларни ўқувчиларда шакллантириши керак. Бунда  ўқитувчига тақвим-мавзу режа берилиб, унда ҳар бир мавзуда шакллантирилиши керак бўлган компетенциялар келтирилган. Тақвим мавзу режада, шунингдек, уни амалга ошириш юзасидан қисқача усуллар ҳам келтирилган. Ўқувчиларда мазкур компетенцияларни шакллантириш учун дарсларни илғор педагогик технологиялар асосида ташкил этиш тавсия этилади.

Дарсларда ахборотларни мустақил равишда излаш, улардан фойдаланиш бўйича компетенцияларни шакллантиришда дарсликдан, турли газета, журнал, қўшимча адабиётлар, луғатлар, интернет ресурсларидан фойдаланишни ўргатиш керак.

Ўқитувчи ўқувчиларда юқоридаги компетенцияларни шаклланганлик даражасини ҳар бир дарсда кузатиб бориши, уларда компетенцияларнинг қайси жиҳатлари шаклланганлигини эътиборга олиши ҳамда  ўтказилган назорат ишлари (тест саволлари) орқали тўлиқ аниқлаб ҳар бир компетенциянинг ўқувчи қандай эгаллаганлигини алоҳида кўрсатиб бериши лозим. (Масалан: 4-синфда “Ўзбекистон Республикаси табиий харитаси” мавзуси бўйича   …. % ўқувчи табиатдаги жараён ва ҳодисаларни кузатиш ва аниқлаш компетенцияси, … % ўқувчи  тажриба ўтказа олиш, глобус ва харитадан кўрсата олиш компетенцияни, …% ўқувчи  табиатни асраш ва муҳофаза қилиш компетенциясини, …% ўқувчи эгаллаган билимлари амалиётда қўллай олиш каби  компетенциялари шакллантирилди. Шунингдек, таянч компетенциялардан умуммаданий, ахборот билан ишлаш ва ҳ.к. компетенциялари  …% ўқувчида эгалланганлиги аниқланди ва шу кабилар).

Шунга кўра экспериментатор ўқитувчига методик ёрдам сифатида математика фанидан 1-2-3-4-чораклар учун тайёрланган тақвим-мавзу режаларда  ҳар бир мавзу бўйича ўқувчида шакллантириладиган компетенциялар, уни амалга ошириш юзасидан қисқача усуллар кўрсатилди, назорат ишларини ўтказишда ўқувчиларнинг билим, кўникмаларини аниқлашда назарий билимларини тестлар ва амалий билан бирга уларнинг компетентлигини аниқлайдиган намуналар берилди. Ўрганилган мавзулар бўйича ўқувчиларда хусусий ва таянч компетенцияларнинг қай даражада шаклланганлигини  уйга берилган вазифаларни текшириш орқали; кундалик, оралиқ назорат ишларинини ўтказиш орқали, ўтилган мавзулар бўйича такрорлаш дарслари орқали аниқлаши мумкин. Бунда ўқитувчи уйга берилган вазифани синф ўқувчиларининг қанча фоизи қай даражада бажарганларини аниқлаб олгач, берилган вазифани етарли бажармаган ўқувчилардан кўпроқ дарсга жалб қилиши, улар билан савол-жавоблар ташкил этиши талаб этилади.

Ҳар бир мавзу бўйича хулосалар ва таклиф-мулоҳазалар ўқитувчининг кундалик   кузатув дафтарида ёзиб борилиши  керак бўлади.

 

 

 

Тажриба-синов ўқитувчиси томонидан қуйидаги ишлар амалга оширилади:

  • Табииёт фанидан компетентлик ёндошувига асосланган ДТС ва ўқув дастурини диққат билан ўқиб ўрганиш;
  • Ҳар бир мавзуда шакллантирилиши лозим бўлган компетенцияларга эътибор бериш ва уларни такомиллаштириш;
  • Ўрганилаётган мавзуга оид атама ва мавзуларни ҳаётий мисоллар билан тушунтириш;
  • Табииёт фанининг ҳаётдаги аҳамиятини мисоллар билан очиб бериш;
  • Ўқувчиларда жисмонан соғлом, кучли, иродали ва соғлом фикрли бўлиш каби хислатларини шакллантириш;
  • Тажриба-синовга берилган намунавий тестларни диққат билан кўздан кечириб, лозим бўлса уларни такомиллаштириш;
  • Табииёт дарсидан ташқари ўқувчиларни кундалик кузатув дафтарини жорий этиш;
  • Таклиф қилинган компетенциявий ёндошувга асосланган ДТСларини такомиллаштириш ва тасдиқлаш юзасидан ҳар чоракда таклифлар киритиб бориш;
  • Компетенцияларни шакллантириш бўйича янги педагогик технологиялар, дарс ишланмалари, тестлар яратиб бориш;
  • Ўқувчиларда компетентликни аниқлаш бўйича янги таклифларни билдириш;

 

 

 

 

 

 

 

 

РТМ бошланғич таълим бўлими бош методисти                       М.Юсупова

 

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *