«Узлуксиз ва узвий» методик тадбир

«Узлуксиз ва узвий» методик тадбирларни амалга

ошириш бўйича тавсиялар

Маълумки давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ҳамда унинг узвий ва мантиқий давоми бўлмищ 2004-2009 йилларда Мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастури доирасида мамлакатимизда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.

Мамлакатимизда ижтимоий, иқтисодий, маданий ва маърифий тараққиётнинг «Ўзбек модели» ҳамда унинг ҳосиласи бўлмиш таълимнинг миллий моделини дунё ҳамжамияти эътироф этмоқда.

Мамлакатимизда еттита таълим туридан иборат, бир-бири билан чамбарчас, кетма-кетликда, изчил ва узвий боғланган, яхлит узлуксиз таълим тизими жорий этилди.

Бугунги кунда илм-фан, техника ва ишлаб чиқариш соҳаларининг тез суръатларда жадаллик билан ривожланиши таълим тизими ходимларидан таълим-тарбия сифатини мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтаришни талаб этиб, ҳар бир тизим ходими, айниқса ўқитувчилар зиммасига янада юксак масъулият ва вазифаларни юклайди.

Таълим-тарбия тизимининг бугунги кундаги асосий вазифаси ўқувчиларни Ватанимизни севадиган, ўз билими ва истеъдодига суянадиган ҳамда замонавий ахборот-коммуникация технологиялардан фойдаланган ҳолда мустақил равишда пухта билим оладиган, Ўзбекистоннинг қудратли давлат бўлишига ўз ҳиссасини қўшадиган, ҳар томонлама баркамол, соғлом қилиб тарбиялашдан иборат. Мазкур вазифалар, энг аввало самарали дарслар орқали амалга оширилади.

Самарали  дарс  ўқитувчининг  умумий  тайёргарлиги  орқали,  умумий тайёргарлик эса узлуксизлик ва узвийлик тамойилига асосланади.

Вазирлик тизимида кейинги йилларда таълим сифатини оширишга қаратилган бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Хусусан, умумий ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг Давлат таълим стандартлари, дастурлари ва дарсликларнинг мазмунан узвийлик ва узлуксизлигини таъминлаш, таълим-тарбия сифатини мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтариш мақсадида ўқув дастурлари узлуксизлик ва узвийлик нуқтаи назаридан таҳлил қилинди, натижада умумтаълим фанлари бўйича умумий ўрта таълим тизимида жами 1260 соат ҳажмдаги мавзулар оптималлаштирилди.

Ҳозирги замон талабларидан келиб чиқиб, таълим мазмуни самарадорлигини ошириш, ўқувчи шахсини ҳар томонлама ривожлантириш мақсадида Европанинг ривожланган мамлакатлари хамда мамлакатимизда чет тиллари бўйича узлуксиз таълим тизимининг давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларини ишлаб чиқиш тажрибасига асосланган ҳолда компетенциявий ёндашувга асосланган умумтаълим фанлари бўйича узлуксиз таълимнинг давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари лойиҳалари тайёрланди.

Ўқитувчининг ўз фанидан ўқувчиларда шакллантирадиган билим, кўникма ва малакаларнинг нималардан иборатлиги, унга қўйилган давлат талаблари, бунга эришишнинг мақбул йўллари ва услубларини ҳамда унинг асоси, тартибга солувчи мезонларини билиши ўқув-тарбия жараёнини тўғри ташкил этишнинг энг муҳим омилидир.

Бугунги ўқитувчи қўлида олиб юрган асосий иш қуроли ҳисобланган тақвим мавзу режа ва дарсликнинг мазмунини чуқур англай билиши жуда муҳим. Бунинг учун у энг аввало, ўзи дарс бераётган фанига Давлат таълим стандартларида қўйилган талаблар, ушбу талабларни бажариш учун синф хонасида доска олдида туриб ўтадиган дарс соатлари, яъни ўқув режасини ҳамда ўқув дастури мазмун моҳиятини тушуниб етсагина мустақил равишда ТАҚВИМ МАВЗУ РЕЖА туза олади ва пировард натижага эришади.

Бунинг учун албатта ҳозирги замон ўқитувчисидан компетенциявий ёндашув талаб этилади.

Компетенция ~ бу бирор бир соҳага оид билим. кўникма ва малакалар ва уларни амалиётда қўллай олищ,

Шу мақсадда «УЗЛУКСИЗ ВА УЗВИЙ» ташкилий-методик тадбирларинн амалга ошириш тавсия этилади.

Энг аввало, хар бир ўқитувчи узи дарс бераётган фани бўйича ўқув меъёрий ҳужжатларни яхши билиши лозим.

Жумладан, умумий урта таълимнинг «Давлат таълим стандарти» (кейинги ўринларда «ДТС») бошланғич ҳамда умумий ўрта таълим ниҳоясида ўқувчилар эгаллаши лозим бўлган билим, кўникма ва малакаларнинг даражасини белгилаб беради, ўқув режа ва дастурлар, дарсликлар, қўлланмаларни ишлаб чиқишда асос бўлиб хизмат қилади.

Давлат таълим стандартларининг таркибий қисмлари: билим — ўрганилган материалларни эслаб қолиш ва тушунтириб бериш; кўникма — ўрганилган билимларни таниш вазиятларда қўллай олиш; малака — ўрганилган билим ва шаклланган кўникмаларни нотаниш вазиятларда қўллай олиш ва янги билимлар ҳосил килиш.

Таянч ўқув режа — ўқитиладиган фанлар номи, ўқув соатлари ҳажми ҳамда уларнинг синфлар бўйича тақсимоти белгиланган меъёрий ҳужжат бўлиб, мактабнинг молиявий таъминотини бегилашга асос бўлади.

Ўқув дастурлари — ДТСда белгиланган талабларни бажариш учун ўқувчининг психо-физилогик қобилиятларини бошқа фанлар билан ўзapo боғлиқлигини инобатга олган ҳолда ўқув режада белгиланган фан ўқув соатлар ҳажмида мавзуларнинг кетма-кетликда тақсимланиши.

Тақвим мавзу режа — ўқув йили давомида ҳар бир дарсда ўтиладиган мавзуларнинг (масала ечиш, лаборатория машғулотлари ва назорат ишларини  бажариш) чораклар бўйича йилнинг ойи, кунлари билан тақсимланиши.

Баҳолаш тизими – Давлат таълим стандарти бўйича эгалланиши лозим бўлган билим, кўникма ва малакаларни  ўқувчилар томонидан ўзлаштирилишини аниқлайдиган мезон.

Ҳар бир ўқитувчи ўз фанидан тақвим-мавзу режа ишлаб чиқиши учун Давлат таълим стандарти, ўқув дастури, ўқув режа ҳамда уларга берилган тушунтириш хатларининг мазмун-моҳиятини пухта билиши лозим. Бунинг учун мактаб директори, унинг ўринбосарлари бу ҳужжатларнинг педкенгаш, метод кенгаш ва метод бирлашмаларда ўқитувчилар тушунадигян содда, равон, оддий, жонли мулоқот тилида чуқур ўрганилишини ташкил этишлари зарур.

Таълимнинг сифатини оширишга хизмат қиладиган омиллар юзасидан таълим муассасаларидаги метод кенгаш ёки метод бирлашмаларнинг аниқ таклифларини ҳар чоракда бир марта, ўрнатилган тартибда таълимнинг бошқарув идораларига киритиб борилиши мақсадга мувофиқ.

Ўқитувчи ўзи дарс берадиган ўқув фанига оид янги илмий ва методик адабиётларнинг мазмуни билан, ўқитишнинг илғор педагогик технологиялари билан танишиши ва қўллаши ўтадиган дарслари сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Педагогнинг ўтадиган дарс мавзусига оид тегишли кўргазма қуролларни, ўқув-жиҳозларини ва техник воситаларни (компьютер, проектор, электрон доска, телевизор, DVD плеер ва ҳ.к.) тўғри танлаши ўқувчиларнинг мавзуни ўзлаштиришига ижобий таъсир кўрсатади.

Ўқитувчининг ўз фанига оид янгиликлар, охирги қабул қилинган ўқув меъёрий ҳужжатлар билан мунтазам танишиб бориши ҳамда иш ҳужжатларини шулар асосида юритиши замонавий ўқитувчи фаолиятига бериладиган баҳо мезонларидан биридир.

Халқ таълими вазирлигининг www.uzedu.uz, www.eduportal.uz, Республика таълим марказининг www,rtm,uz ҳамда www.ziyonet.uz, www.utube.uz веб-сайтларидаги, шунингдек вазирлик муассислигидаги нашрлардаги материаллардан фойдаланиш дарсларни самарали ва сифатли ташкил этишда муҳим манбалар бўлиб хизмат қилади. Жумладан, www.utube.uz веб-сайтида барча ўқув фанларидан видеодарслар ва видеороликлар жойлаштирилган.

Ўқув меъёрий ҳужжатларни ўқитувчилар шахсий электрон маълумот ташувчи воситалар (флешка, компакт диск)да сақлашлари турли шароитларда улардан унумли фойдаланиш имкониятини кенгайтиради.

Энг муҳими бу тавсиялар ҳисоботбозлик учун эмас, ўқув жараёнини тўғри ташкил этиш учун, таълим сифатини ошириш учун ишлаб чиқилган. Педагогик жамоалар ижодий ёндашган ҳолда бу тавсиялар асосида оддий ва таъсирчан методларни ишлаб чиқишлари мумкин.

 

 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *